Фарғона

Фарғона (O’ZBEKISTON) 

Сирдарё қирғоқларида яшаган Фарғона водийси аҳолиси минг йиллар давомида анъанавий экологик билимларни тўплашга муваффақ бўлган. Маҳаллий аҳоли асрлар давомида суғорма деҳқончилик билан шуғулланганлиги боис ушбу билимларнинг асосий қисми сув билан боғлиқ бўлган. Бироқ, сўнгги юз йилликда водийдаги ўзига хос экотизм инқирозга учраганлиги айни ҳақиқат.

unnamed-compressed.jpg

Маҳаллий аҳолининг сув ва дарёга бўлган муносабати анъанавий экологик билимларнинг қандай кўринишларида намоён бўлади? Сув билан боғлиқ халқ эртаклари, афсоналари, матал ва маросимлари билан бирга муқаддас зиёратгоҳлар, жумладан, Фарғона вилояти Данғара туманида Ҳубби Ота каби муқаддас қадамжолар ҳам шаклланган. Анъанавий экологик билимлар узатувчилари маҳалла оқсоқоллари, мироблар, деҳқонлар, балиқчилар, овчилар ва табиблар бўлган.

Отанг мироб бўлса ҳам, 

Ариқни тозалаб сув ич. 

Бир киши ариқ қазир, 

Минг киши ундан сув ичар.

Гапнинг онаси — қулоқ, 

Сувнинг онаси — булоқ. 

Дарё сувини баҳор тоширар, 

Одам қадрини меҳнат оширар. 

Ер — она, сув — ота, 

Ер — хазина, сув — гавҳар. 

Ер оғаси — худо, 

Сув оғаси — султон.

Инсон умри — дарё суви. 

unnamed-1-compressed.jpg

Экологик тушунчалардан хабардорлик борасида кекса ва ёш авлодда фарқли ҳолатни кузатиш мумкин. Кексалар дарёни “муқаддас”, “сирли”, “она дарё”, “буюк дарё”, деб эътироф этадилар. Бошқачасига ифодалаганда, улар сувни “покловчи” ва “даволовчи” деб, турли касалликларни даволашда ундан фойдаланса, ёшлар эса бу каби тушунчаларни деярли билмайди ёки мавзуга доир мавҳум қарашларга эга. Ëшлар орасида сув билан боғлиқ эътиқодий тушунчалар ва анъанавий экологик билимларнинг унутилишини маҳаллий аҳоли 1980-йилларидан бошлаб Сирдарё сувининг камайиши билан боғлиқ, деб талқин қилади. Қолаверса, маҳаллий аҳоли ХХ асрнинг 80-йилларидан кейин дарё сувидан ичимлик мақсадида эмас, балки асосан, экинларни суғориш учун фойдаланган. 

Ўз ўрнида шуни қайд этиш керакки, сув билан боғлиқ эътиқодий қарашлар ва билимларни ривожлантириш, дарё, канал ҳамда ариқ каби сув ҳавзаларининг ифлосланишини олдини олишга қаратилган кенг маънодаги “экологик маданият”ни оммалаштириш мақсадида маҳаллий тадбиркор ва фермерлар ёшлар ўртасида турли мусобақа ҳамда интелектуал ўйинлар ташкиллаштиради.

Минтақадаги асосий эътиқод манбаи бўлган ислом дини ҳам сувдан унумли фойдаланишни кенг тарғиб қилади. Шунингдек, сув билан боғлиқ маҳаллий эътиқодий қарашлар ва афсоналар ҳам Фарғона водийсида сув бошқа унсурлар қаторида муқаддас ҳисобланишидан далолат беради. Сув билан боғлиқ маҳаллий қарашларга кўра, сув нафақат ташналикни қондирувчи восита, шу билан бирга даволовчи ва покловчи хусусиятга ҳам эга бўлган. 

Хуллас, Фарғона водийсидаги сув билан боғлиқ маҳаллий тушунча ва қарашларни рамзий эътиқод (тозалик, покловчи, даволовчи ва ҳ.к.) ва амалий билимлар (масалан, суғориш усуллари)га бўлиш мумкин. Шунингдек, водийда дарё номи билан боғлиқ бўлган Сирдарё, Сайҳун ва Дарё каби антропонимлар ҳам мавжуд бўлган. 

Мироблар – 2019

“Мироблар” хужжатли. фильмида Марказий Осиё минтақасида энг қадимги касблардан бири бўлган мироблик, яъни сув ишлари билан шуғулланувчи шахслар ҳақида маълумот берилган. Мироблар қадимдан суғориш тизими билан шуғулланиб, экинларни сув билан таъминлаб берган ва канал ҳамда ариқлардаги сувни назорат қилган. Шунингдек, улар ирригация иншоотлари тозалиги ва самарадорлигига жавобгар шахс ҳисобланган. 

Водийда сулолавий мироблар ҳам мавжуд бўлиб, улар доимо ўзларинг сув билан боғлиқ билимларини авлодларга етказган. Қолаверса, мазкур фильмда мироблар билан боғлиқ архив материаллари ва водийлик мироб-мутахассислар билан бўлган интервюлар ҳам акс этган.